Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 19221 марта ўқилди

Рўйхатдан ўтиш мажбурияти

Фуқаро янги яшаш жойига келган кундан эътиборан 10 иш куни ичида яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтиши керак.

Турар жой мулкдори ҳам фуқарони ушбу манзил бўйича рўйхатдан ўтказиш учун ваколатли органга хабар бериши шарт.

Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлик фуқарода мазкур турар жойга нисбатан мулк ҳуқуқини вужудга келтирмайди.

Мурожаат қилиш усуллари

Фуқаро ёки турар жой мулкдори:

  • миграция ва персоналлаштириш бўлинмасига;
  • Давлат хизматлари марказига;
  • «Ақлли» миграция шохобчасига;
  • «E-xabar berish» тизимига;
  • ЯИДХП орқали мурожаат қилиши мумкин.

Рўйхатдан ўтказиш мулкдор ва фуқаронинг иштирокида амалга оширилади. Уларнинг розилиги Face-ID ёки Mobile-ID орқали тасдиқланади. Нотариал тасдиқланган розилик ёки ишончнома асосида ҳам мурожаат қилиш мумкин.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар

Шахсан мурожаат қилинганда қуйидагилар тақдим этилади:

  • мулкдорнинг уй-жой майдонини бериш ҳақидаги розилиги;
  • мулкдорнинг паспорти, яшаш гувоҳномаси ёки ID-картаси;
  • рўйхатдан ўтаётган шахснинг паспорти ёки ID-картаси;
  • 16 ёшга тўлмаган бола учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат;
  • зарур ҳолларда васийлик, ҳомийлик ёки патронатни тасдиқловчи ҳужжат.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда зарур маълумотлар давлат ахборот тизимларидан автоматик олинади.

18 ёшга тўлмаган фуқаро ота-онаси ёки васийси рўйхатдан ўтган манзилда рўйхатдан ўтказилганда турар жой мулкдорининг алоҳида розилиги талаб этилмайди.

Давлат божи ва муддат

Хизмат учун БҲМнинг 2 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

ЯИДХП орқали мурожаат қилинганда белгиланган божнинг 90 фоизи, яъни амалда БҲМнинг 1,8 фоизи ундирилади.

Электрон сўровномани кўриб чиқиш муддати 1 иш кунидан ошмаслиги керак. Мулкдор ёки рўйхатдан ўтаётган фуқаро сўровномани бир иш куни ичида тасдиқламаса, мурожаат автоматик бекор қилинади.

Натижада QR-кодли электрон ёки қоғоз шаклдаги қайд варағи расмийлаштирилади.

Chat