Қонун билан Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини, тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишларни ёки ҳаракатларни содир этган чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг "Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати"га киритилишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Чет эл фуқаросини ёки фуқаролиги бўлмаган шахсни Рўйхатга киритиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг, Сенати Кенгашининг, махсус ваколатли давлат органларининг тақдимига асосан амалга оширилади.
Рўйхатга киритилган чет эл фуқаросининг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришига йўл қўйилмайди.
Рўйхатга киритилган шахс хабарнома олган кундан эътиборан 3 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетиши керак.
Агар Рўйхатга киритилган, номақбул деб топилган шахс кўрсатилган муддат ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетмаса, мазкур шахс депортация қилинади.