Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17932 марта ўқилди

Иситиш учун тўлов

Жисмоний шахсларга марказий иситиш хизмати учун тўлов иситиш даврининг ҳар бир кунига бир квадрат метр иситиладиган майдон учун белгиланган тариф бўйича ҳисобланади.

Уй-жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчи хонадонда яшаши ёки рўйхатда туришидан қатъи назар, марказий иситиш учун ҳақ тўлаши шарт.

Иссиқ сув учун тўлов

Индивидуал ҳисоблагич мавжуд бўлса, тўлов:

  • ҳисоблагичда қайд этилган иссиқ сув ҳажми;
  • бир куб метр учун тасдиқланган тариф асосида ҳисобланади.

Ҳисоблагич мавжуд бўлмаса, тўлов хонадонда иссиқ сувдан фойдаланувчи шахслар сони ва бир одам учун белгиланган ойлик тариф асосида амалга оширилади.

Иссиқ сув ҳисоблагичи ўз вақтида қиёсловдан ўтказилмаса, қиёслов амалга оширилгунига қадар ҳисоб-китоб рўйхатдан ўтган ёки яшовчи шахслар сони бўйича қилиниши мумкин.

Тўлов муддати

Жисмоний шахслар иссиқлик таъминоти хизматлари учун тўловни иситиш давридаги тугалланган ойдан кейинги ойнинг 10-кунидан кечиктирмай амалга ошириши керак.

Нотурар жой мулкдори бўлган юридик шахслар хизмат қийматининг камида 15 фоизини олдиндан тўлайди ва календарь ой тугаганидан кейин 30 кун ичида тўлиқ ҳисоб-китоб қилади.

Тўлов банк, пластик карта, электрон тўлов тизими ёки етказиб берувчининг ҳисобварағига маблағ ўтказиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Тариф ўзгарганда

Етказиб берувчи тариф ўзгаришидан камида 15 кун олдин истеъмолчиларни оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиши шарт.

Тариф ўзгаргунга қадар аванс тўлаган жисмоний шахс аванс билан қопланган давр учун, тўлов санасидан бошлаб икки ойдан ошмаган муддатда, қўшимча тўловдан озод этилади.

Етказиб берувчи аванс билан қопланган иситиш ва иссиқ сув хизматларини тўлов амалга оширилган кундаги тариф бўйича ҳисоблайди.

Муҳим: икки ойлик кафолат аванс билан ҳақиқатда қопланган хизмат ҳажми ёки даврига нисбатан амал қилади.

Кечиктирилган тўлов учун пеня

Тўлов кечиктирилган ҳар бир кун учун:

  • юридик шахсларга — қарз суммасининг 0,4 фоизи;
  • аҳолига — қарз суммасининг 0,1 фоизи миқдорида пеня ҳисобланади.

Пенянинг умумий миқдори кечиктирилган тўлов суммасининг 50 фоизидан ошмаслиги керак.

Тўловлар уч ойдан ортиқ амалга оширилмаса, қонунчиликда белгиланган тартибда иссиқлик таъминоти хизматлари тўхтатилиши мумкин.

Сифатсиз хизмат учун қайта ҳисоб-китоб

Иссиқлик ёки иссиқ сув белгиланган сифатда кўрсатилмаса ёки рухсат этилган муддатдан ортиқ узилса, истеъмолчи тўловни қайта ҳисоблашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Бунинг учун сифат бузилгани ёки хизмат кўрсатилмагани ҳақида далолатнома тузилиши лозим.

Иссиқ сув ҳарорати 40°Cдан паст бўлган даврда истеъмол қилинган сув учун тўлов ичимлик суви тарифи бўйича ҳисобланади.

Chat