Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 37 марта ўқилди

Санатория-курортда даволанишга муҳтож ишламайдиган ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар ва ёлғиз кексаларга бепул санатория-курорт йўлланмалари берилади.

Бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминланадиган ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар

Қуйидаги ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар бепул санатория-курорт йўлланмаларидан фойдаланишлари мумкин:

  • уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинлари (бева эрлари);
  • республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;
  • Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
  • ядро полигонларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;
  • ёлғиз кексалар;
  • ёшга доир пенсионерлар.

Ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар йўлланмаларни олиш учун тақдим этадиган ҳужжатлар

Йўлланма олиш учун ногиронлиги бўлган шахслар ва кексалар қуйидаги ҳужжатларни тақдим этишлари шарт:

  • туман (шаҳар) тиббиёт бирмашмаси раҳбари номига ариза;
  • паспорт нусхаси;
  • имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжат;
  • тиббий хулоса.

Бепул санатория-курорт йўлланмаларидан фойдаланиш муддатлари
  • а) ҳар йили (навбат асосида):
  • уруш ногиронларига  тенглаштирилган шахслар;
  • республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахсларга;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;
  • ёлғиз кексалар.
  • б) икки йилда бир маротаба (навбат асосида):
  • уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинлари (бева эрлари);
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсни кузатиб борувчи шахслар.
  • в) 3 йилда бир маротаба навбат асосида санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда — ёшга доир пенсионерлар.

Йўлланмалар тиббий хулосада қуйидаги касалликлар кўрсатилганда берилмайди:
  • беморнинг ўзи ва атрофдагилар учун хавфли бўлган қўпол ва хулқий бузилишлар сабаб бўладиган руҳий касалликлар, хусусан тез-тез (ҳар ойда 5 мартадан кўп) тутқаноқ содир бўладиган эпилепсия, мунтазам тутқаноқларга, эпилептик мақомга, кун охирига бориб бўшашувчанликка, дисфорияларга мойиллик касалликлар;
  • жараённинг фаол босқичидаги сил касаллиги;
  • юқумли тери ва соч касалликлари;
  • ўткир юқумли касалликлар;
  • салбий жараёндаги, ёмон ҳолатда ўтадиган шиш касалликлари ва рецидивлари;
  • таносил касалликлари.

Йўлланмаларни ўз вақтида ва мақсадли берилиши ҳамда навбатга риоя қилиниши масалалари бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигининг Ногиронлиги бўлган шахсларни соғломлаштириш ва протезлаш миллий марказига мурожаат қилиш учун қуйидаги ҳаволага ўтинг ёки (71)-235-45-05 телефонига қўнғироқ қилинг.

Ҳаётий мисол:

Савол: У. исмли шахс ёшга доир пенсионер эканлиги, соғлигининг ҳолатига кўра ҳар йили санаторияда дам олиш зарурияти мавжуд бўлсада, бироқ унга бу борада ҳар йили бепул санатория-курортда дам олиш учун йўлланма беришмаётгани ҳақида маълум қилиб, санатория-курортда дам олиш учун бепул йўлланмалардан фойдаланувчи шахслар тоифалари ва бепул йўлланмаларни бериш даврийлиги ҳақида ҳуқуқий тушунтириш беришни сўради. 

Жавоб: Уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ўзлари учун мақбул муддатларда йилига бир марта Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари санаторийларида ўн икки кунлик соғломлаштириш курсидан текин ўтиш ҳуқуқига эга.

Бундан ташқари, а) ҳар йили (навбат асосида):

  • уруш ногиронларига тенглаштирилган шахслар;
  • республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;
  • Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
  • ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;
  • ёлғиз кексалар;

б) икки йилда бир маротаба (навбат асосида):

  • уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
  • ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинлари (бева эрлари);
  • I ва II-гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;

в) санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, навбат асосида, аммо 3 йилда 1 маротаба – ёшга доир пенсионерлар бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминланади.

Chat